Хоразм. Футбол хоразм


«Хоразм» ҳақида ҳақиқатлар ёхуд урганчликлар Олий лигани нега тарк этишди?

Мақоламни 2009 йилги футбол мавсумининг иккинчи даврасида «Хоразм»даги айрим «манзаралар» ва у ерда содир бўлган баъзи воқеалар баёнидан бошламоқчи эдим. «Хоразм»нинг 2010 йилдаги инқирозини тўла ва аниқ тушуниб етиш учун бу жуда муҳим.

Футбол бўйича ўтган йилги миллий чемпионат якунига етгач, баъзи футбол мухлислари, айниқса, хоразмлик мухлислар мени кўрганда: «Нега «Хоразм» Олий лигадан чиқиб кетди?» – деб сўрашга одатланиб қолишди. Мен «Хоразм» жамоаси Олий лигани бир эмас, кўплаб сабабларга кўра тарк этганини тушунтиришга ҳаракат қилардим. Аммо улар бу йил ҳам шу саволни беришгани-беришган. Мухлисларнинг ҳар бирига алоҳида жавоб бераверишга тоқатим қолмай, ушбу саволга мақола орқали жавоб беришга қарор қилдим. Яъни, қуйидаги мақоламда «Хоразм»нинг матбуот котиби бўлиб ишлаб юрган пайтларимда кўрган-билганларимни баён қилиб, жамоанинг Олий лигадаги инқирозига олиб келган сабаблар ҳақида ўз фикрларимни билдирмоқчиман.

Мақоламни 2009 йилги футбол мавсумининг иккинчи даврасида «Хоразм»даги айрим «манзаралар» ва у ерда содир бўлган баъзи воқеалар баёнидан бошламоқчи эдим. «Хоразм»нинг 2010 йилдаги инқирозини тўла ва аниқ тушуниб етиш учун бу жуда муҳим.

«ХОРАЗМ»ДАГИ ДАСТЛАБКИ ТААССУРОТЛАРИМ

2009 йил августида Урганчга матбуот котиби бўлиб боришим билан ўзимнинг ишимга оид камчиликларни ўрганишга ва имкон даражасида бартараф қилишга киришдим. Хусусан, «Хоразм» стадионида журналистлар учун махсус ажратилган ложа йўқлиги, матбуот анжуманлари ўтказиладиган хона талаб даражасида жиҳозланмагани, уй ўйинларидан олдин чиқариладиган дастур-буклетларни нашр қиладиган рангли принтер йўқлиги ва бошқа муаммолар эътиборимни тортди. Мазкур камчиликларни бартараф қилиш кераклиги ҳақида гапирганимда, раҳбарлар уларни 2009 йилги футбол мавсуми тугагач бартараф қилиш мумкинлигини айтишди. «Ҳозирча сабр қилиб туринг, мавсум тамом бўлсин, ҳаммасини ҳал қиламиз», - дейишди улар.

Шу билан биргаликда клубдаги бошқа, аниқроғи, менинг профессионал фаолиятимга алоқаси бўлмаган муаммолар ҳам эътиборимни тортди. Масалан, «Хоразм» футболчилари овқатланадиган ошхона жуда ачинарли аҳволда эди: овқатланишга келган футболчилар ва ходимлар ошхона залига таомлар тайёрланадиган столларнинг ҳамда овқат пишираладиган қозонларнинг ёнидан ўтиб келишарди. Албатта, бу ҳолат санитария талабларига зид эди.

Бундан ташқари, футболчилар истиқомат қиладиган спорт базаси ҳам шундай ночор аҳволда эди: душ кабиналари йўқлигидан бечора футболчилар темир ҳамда пластмасса тоғораларни сув билан тўлдириб, тоғоралардан чўмичлар (кружкалар) билан сув олиб, устиларидан сув қуйиб ювинишарди. «Хоразм»нинг бошқа аъзолари қаторида Афзал Азизов, Абдумажид Тоиров, Шерзод Райимжонов, Шерзод Шарипов, Владимир Баранов, Александр Ежов каби моҳир футболчиларнинг, яъни бир пайтлар Ўзбекистоннинг етакчи клубларида тўп сурган футболчиларнинг тоғора ва чўмич кўтариб юришларини кўриб, карахт бўлиб қолганман. Футболчилар ҳам бу ҳолатдан доим нолишарди, аммо Вали Султонов ва клубнинг бошқа раҳбарлари уларга ҳам: «Ҳозирча сабр қилиб туринглар, чемпионат тугагач ҳаммасини ҳал қиламиз», - дейишарди.

Тўғрисини айтсам, буларни кўриб, мен бироз вақт ўзимга келолмай юрдим, чунки мен Олий лигада иштирок қилувчи клуб бунчалик ночор аҳволда бўлиши мумкинлигини ҳаёлимга ҳам келтирмагандим. Кейин билсам, ўша пайтда клубдаги ички муҳит ҳам ҳавас қиладиган даражада эмас экан.

ХОСИЯТСИЗ МУҲИТ

Клубдаги муҳитнинг бехосиятсизлигини унга киришим билан пайқаган бўлсам, ички ауранинг бузилиб боришида футболчилардан кўра жамоадаги тартиб-интизомни бўшаштириб юборган клуб раҳбарлари ва мураббийлари кўпроқ айбдор эканлигини билиш учун менга бироз вақт керак бўлди. Жумладан, «Хоразм»нинг ўша пайтдаги директори ва бош мураббийи Вали Султонов жамоанинг маҳаллий, яъни хоразмлик футболчиларини ўйинлар пайти содир қилган арзимаган хатолари учун айтиб ва ёзиб бўлмайдиган сўзлар билан сўкишга одатланганди. Аммо бошқа шаҳар ва вилоятлардан келган футболчилар улкан ва қўпол хатолар қилсалар ҳам, мураббий уларни уришиш тугул, койишни ҳам ўзига эп кўрмасди. Сўкишларнинг «тагида» қолиб кетган бечора маҳаллий футболчилар Вали Султоновга: «Ё ҳаммамизни сўкинг, ёки ҳеч қайсимизни сўкманг!» – дейиша олмасди, адолат талаб қилиша олмасди. Бунинг натижасида жамоа футболчилари «местнийлар» (маҳаллийлар) ва «приезжийлар» (келгиндилар)га бўлингандилар.

Ёки бошқа мисол. «Хоразм» футболчилари кимлар асосий таркибда майдонга тушишини, кимлар эса заҳирада қолишини ўйиндан 3-4 соат олдиноқ билишар эди. Чунки ўйиндан олдинги нонушта пайти асосий таркибда ўйнайдиган футболчиларга кўпинча биринчи ва иккинчи таомларга қўшимча равишда қовурилган товуқ гўшти (табака) ҳам бериларди, заҳирада қоладиганлар эса табакадан бенасиб қолишарди. Заҳирада қоладиган футболчилардан баъзилари овқатланишдаги бундай тенгсизликдан норози бўлиб, ошхонадан умуман овқатланмасдан чиқиб кетишарди. Пешин пайтидаги ризқларига қовурилган товуқ гўшти қўшилмаган бечоралар ўз эътирозларини кўпинча шу тарзда намойиш этишарди. Аммо баъзида уларнинг ичидан бу борада очиқдан-очиқ бақир-чақир қиладиганлари ҳам чиқиб қоларди. Бундай эътирозларни кўргач, пешиндаги ризқларига қовурилган товуқ гўшти қўшилган футболчилар олдиларига келтирилган «асосий таркиб таоми»ни маънавий жиҳатдан қийналиб ейишарди.

Яқинда билсам, 2009 йилги «Хоразм»да фақат бу борада эмас, балки футболчиларни мукофотлаш тизимида ҳам адолатсизлик бўлган экан. Асли урганчлик бўлган футболчи, «Хоразм»га Бекободнинг «Металлург» жамоасидан келиб қўшилган ҳимоячи Александр Ежовнинг 2009 йилдаги қисмати юқоридаги сўзимга исбот бўла олади. Ежовнинг айтишича, 2009 йилдаги мавсумнинг биринчи даврасида «Хоразм» Қаршида «Насаф»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб қайтган. Ана шу драматик учрашувнинг биринчи таймида «Хоразм»нинг қанот ҳимоячиси Шерзод Шарипов оёғидан оғир жароҳат олиб, майдонни тарк этган. Унинг ўрнига Вали Султонов биринчи таймнинг ўзида бошқа бир қанот ҳимоячиси Саша Ежовни туширган. Мазкур учрашувнинг оҳиригача ўйнаган Ежов ўйин пайти фаол ҳаракат қилиб, ҳатто икки вазиятда «Хоразм»нинг бўш қолган дарвозасига йўлланган тўпларни олиб чиқиб, урганчликларни муқаррар голлардан сақлаб қолган.

Аммо «Насаф»-»Хоразм» учрашуви тугагач, хоразмликларнинг бош мураббийи В. Султонов Александр Ежовга ғалаба учун мукофот тариқасида атиги 200 минг сўм таклиф қилган. Саша клуб ва ўзи ўртасида тузилган меҳнат шартномасида ғалаба учун бундан анча катта миқдордаги мукофот берилиши ёзилганини айтиб, В. Султоновга ҳақли равишда эътироз билдирган. Аммо «мураббий»: «Сен заҳирадан майдонга тушдинг, шуни берганимга ҳам шукр қилгин!» – деган. Ежов бу пулни олмаган ва кейинчалик Вали Султоновнинг ғазабига дучор бўлган. «Шартнома шартларига зид равишда менга анча кам мукофот пули берилганига эътироз билдирганим ва таклиф қилинган пулни олмаганим учун Вали Султонов кейинчалик мени асосан «Хоразм» ўринбосарларининг ўйинларида майдонга туширди», - дейди Александр Ежов.

Сашанинг айтишича, «Хоразм»га ўтгач, унинг футболчилик фаолиятига катта путур етган. «Чунки 2010 йил бошида Вали Султонов чемпионат бошланишига 2-3 кун қолгунга қадар мени «Хоразм»да ўйнашимга ишонтириб юрди. Мен ҳам «Хоразм»нинг қишқи йиғинларида тўлиқ қатнашдим. Аммо Олий лига клублари учун футболчиларни рўйхатдан ўтказиш муддати тугашига саноқли кунлар қолганида тўсатдан менга: «Ежов, сен бизга керак эмассан. Ўзинга бошқа жамоа топавер!» – деди. «Заявка» тугашига 2-3 кун қолганида қаерга ҳам борардим?! Ким ҳам йиғинларида иштирок қилмаган футболчини жамоасига оларди?! Менинг шу каби савол ва эътирозларимга Вали Султонов: «Бу менинг муаммоим эмас. Қаерга борсанг, шу ерга бор!» – деди. Натижада мен чемпионат арафасида жамоасиз қолиб кетдим», - дея шикоят қилади А. Ежов. Унинг фикрича, мазкур адолатсиз қилиғи, аниқроғи «финти» билан В.Султонов ўзининг вилоятдоши бўлган футболчини ва унинг оиласини ўта қийин моддий ва маънавий аҳволга солиб қўйган.

2009 йилги мавсумда «Хоразм» жамоасида адолатсизлик ҳукм суриши ва умуман ички муҳитнинг яхши эмаслиги футболчиларнинг машғулот жараёнига ҳам таъсир қиларди. Баъзида машғулотлар пайтида футболчилар ўртасида турли низолар келиб чиқарди. Жумладан, бир марта ака-ука Абдумажид ва Маъсуд Тоировлар ҳамда Сарвар Ибодуллаев ўртасида ҳатто муштлашув ҳам содир бўлганди. Очиғи, мана шундай «фавқулодда ҳодисалар»дан кейин футболчиларнинг бир жамоада бир тан, бир жон бўлиб ўйнашини тасаввур қила олмасдим.

Аммо жамоадаги ички муҳитнинг бузилиб бориши фақат шулар билан чекланиб қолмади: футболчиларнинг гуруҳларга бўлинишлари ва бир-бирларига ёвқарашлари фақат қулоч ёйиб борарди. Бундай вазиятда ички муҳитнинг яхшиланиши тугул, оддий тартиб-интизомнинг ўрнатилиши ҳам амри маҳол бўлиб қолди. Бу ҳолат «Хоразм»нинг кейинги, яъни иккинчи даврадаги ўйинларининг натижаларига салбий таъсир қилмасдан қолмади. Натижада 2009 йилги мавсумнинг иккинчи даврасидаги аксарият учрашувларда «Хоразм» ё ютқазди, ё дуранг ўйнади. Аммо шундай бўлса ҳам, жамоа 2009 йилги мавсумда ўз олдига қўйилган вазифани, яъни ўнталикка кириш вазифасини уддалади.

ЧЕМПИОНАТЛАР ОРАЛИҒИДА

2009 йилги чемпионат якунига етгач, «Хоразм» раҳбарлари клубда биринчи галда қилинадиган ишлар режасини тузиб, ушбу режани амалга оширишга киришишди. Жумладан, ана шу режага кўра, футболчилар истиқомат қиладиган спорт базаси таъмирланди, у ерга замонавий сув қиздириш ҳамда санитария ускуналари ўрнатилиб, ювиниш душлари барпо этилди. Бундан ташқари, янги ошхона ишга туширилиб, у чиройли тарзда безатилди, у ердаги шароит қулай ва санитария талабларига жавоб берадиган даражада эди. Стадиондаги икки (мезбон ва меҳмон жамоаларнинг футболчилари учун мўлжалланган) кийиниш заллари ҳам таъмирдан чиқарилиб, яхши аҳволга келтирилди. У ерларга ҳам замонавий сув қиздириш ҳамда санитария ускуналари ўрнатилди.

Ушбу ишларни амалга оширишда хоразмлик саҳоватли ишбилармонлар ва идора раҳбарлари ўзларининг амалий, моддий ва молиявий ёрдамларини беришди. Кимдир таъмир ишларига кўмаклашди, кимдир ускуналар келтириб берди. Хусусан, мен таниган бир раҳбар клуб ошхонаси учун витринали катта совутгич ва катта экранли телевизор совға қилди. Ўша пайтда мен ҳам клубдаги ўзимнинг ишимга оид камчиликларни бартараф қилишга киришдим. Масалан, «Хоразм» стадионидаги битта кичик секторни журналистларга мўлжалланган матбуот ложаси қилиб ажратилишига эришдим. Янги матбуот ложасини ўзим безадим. Бундан ташқари, матбуот анжуманлари ўтказиладиган хонани янгидан жиҳозладим.

Шу билан биргаликда клубда ва стадионда қилиниши керак бўлган ишлар талайгина эди. Уларни кетма-кет равишда бажариш керак эди. Шу мақсадда мен «Хоразм» футбол клубининг Ривожланиш дастури»ни ишлаб чиқдим ва унга ўша қилиниши керак бўлган ишларнинг рўйхатини, ҳажмларини, қийматларини ҳамда бажариш муддатларини киритдим. Дастур ва уни амалга ошириш ғояси клуб директори Вали Султоновга маъқул келди: у мазкур Дастурни ўз имзоси, клуб муҳри билан тасдиқлади. Энди уни бажаришга киришиш керак эди. Аммо, минг афсуски, Дастур бажарилмай қолиб кетди. Чунки 2010 йилги чемпионат яқинлашгани сари клубда аввалги ҳал қилинмай қолган камчиликлар билан бир қаторда янги муаммолар ҳам бўй чўза бошлаганди.

2010 ЙИЛ: «ХОРАЗМ» МУАММОЛАР ГИРДОБИДА

2010 йилда «Хоразм» футбол клуби ва жамоаси дуч келиш кетма-кетлигига кўра қуйидаги янги муаммолар билан юзлашди: 1) селекция, 2) ўқув-машғулот, 3) ташкилий ва 4) молиявий муаммолар. Йил давомида ушбу муаммолар тартиб-интизом борасидаги нуқсонлар билан қоришиб, янада чуқур илдиз отиб борди. Лекин, келинг, ҳаммасига бирин-кетин ва батафсил тўхталай...

1) СЕЛЕКЦИЯ СОҲАСИДАГИ МУАММОЛАР

Менимча, 2010 йилдаги «Хоразм»нинг хатоларидан дастлабкилари селекция соҳасида йўл қўйилган хатолар бўлди. Аввалига Вали Султонов жамоага 2009 йилги таркиб футболчиларини, шу жумладан, ўйинларни сотганликда ўзи гумонсираб юрган футболчиларни чақиришни режалаштириб юрди. Бош мураббийнинг бу режасидан хабар топгач, баъзи футболчилар: «Ўтган йили бутун иккинчи давра мобайнида шу футболчиларни сотқиндан олиб, сотқинга солиб юрди-да, энди шуларни қандай қилиб жамоага қайтармоқчи?!» – деб ҳайрон қолишарди. Доим гапнинг пўсткалласини ва тўғрисини сўзлашга одатланган ярим ҳимоячи Рустам Қурбонбоев эса тўғри Вали Султоновнинг олдига кириб: «Фалон-фалон ўйинсотар футболчилар бу йил ҳам «Хоразм»да ўйнашса, мен жамоадан ҳозироқ кетаман. Чунки мен майдонда иймон-ишончим ва бор кучим билан ўйнашни ёқтираман», – деган.

Футболчининг шу гапларидан таъсирланибми ёки бошқа сабаблар туфайлими Вали Султонов ўйинларни сотганликда ўзи гумонсираб юрган футболчиларни чақириш ғоясидан воз кечди. Аммо кейинчалик «Хоразм» бош мураббийи селекция ишларида барибир кўп ва қўпол хатоларга йўл қўйди. Хусусан, Вали Султонов жамоага ёш ва чаққон футболчиларни чақириш ўрнига, ёши ўтиб қолган, жисмоний тайёргарлиги суст, аммо тажрибали футболчиларни таклиф қила бошлади. Бу футболчилар тажрибали бўлганларидан кейин клубдан «тажрибали» кўтарма пулларини сўрашди ва олишди ҳам.

Жамоадаги нисбатан ёш ва, айниқса, маҳаллий футболчилар эса кўтарма пулларини олмасдан машғулотларда ҳамда ўйинларда иштирок қилишда давом этаверишди. Вахолан-ки, улар «тажрибали» акаларига қараганда 2-3 баравар кам миқдордаги кўтармалар сўрашганди. Натижада В. Султоновнинг селекция ишларидаги хатолари «Хоразм»га икки томонлама зарба берди: биринчидан, «тажрибалилар»нинг кўтармалари учун катта маблағ сарфланган бўлса, иккинчидан, жамоанинг асосини югура олмайдиган, яъни рақибларига тезлик борасида ютқазиб қўядиган футболчилар ташкил қилишди.

Агар солиштириб айтадиган бўлсам, мисол учун, «Олмалиқ» жамоасининг бош мураббийи Игорь Шквирин бу борада тескари йўлдан борди ва бормоқда. Бу мураббий ўз жамоасига ҳамиша тажрибасизроқ бўлса ҳам, аммо тезкорроқ ва шижоатлироқ бўлган, нисбатан камроқ кўтарма пуллари сўрайдиган ёш футболчиларни чақиради. Бундан, «Олмалиқ» клубининг бюджетига ҳам фойда, жамоанинг ўйин тезлигига ва шижоатига ҳам фойда. Ўтган йилги чемпионат якунларига кўра, «Олмалиқ» ўзининг шижоатли ёшлари билан Олий лигада қолди, «Хоразм» эса ўзининг тезликсиз ва шижоатсиз «оқсоқоллари» билан охирги ўринни эгаллаб, Олий лигадан чиқиб кетди.

Вали Султонов селекция ишларини муддат, яъни вақт жиҳатидан ҳам нотўғри амалга оширди. Жумладан, янги футболчиларни танлаб олиш ишлари нақд 2010 йилнинг 9-10 мартигача, яъни ўтган йилги чемпионат бошланишишга атиги 2-3 кун қолгунча ҳам давом этди. Ақлли ва узоқни кўзлайдиган мураббийлар барча селекция ишларини узоғи билан декабрь-январь ойларида амалга ошириб, ҳеч бўлмаганда 1,5 ой (февраль-март ойлари) давомида танлаб олинган футболчилар билан назарий, жисмоний, техник ва тактик машғулотлар ўтказишади. Мураббийларнинг жуда ақллилари эса олдинги чемпионат тугаши биланоқ, яъни октябрь-ноябрь ойларидаёқ ўзларига керакли футболчиларни қўл остига йиғиб қўйишади.

2) ЎҚУВ-МАШҒУЛОТ ЎТКАЗИШ СОҲАСИДАГИ МУАММОЛАР

Вали Султоновнинг хатолари фақат селекция ишлари билан чекланиб қолмади: у машғулот ўтказиш жараёнларида ҳам кўплаб камчликларга йўл қўйди. Хусусан, жамоа футболчилари, айниқса, бир пайтлар Ўзбекистон ва ҳаттоки яқин хориждаги мамлакатларнинг етакчи клубларида ҳамда терма жамоаларида тўп сурган, кўпни кўрган футболчилар «Хоразм» мураббийлари ўтказаётган машғулотларининг бир хиллигидан, зерикарлигидан, эскирганлигидан нолий бошлашди. Улардан баъзилари ўзаро: «Бу тренировкалар учинчи лига жамоалари учун мўлжалланган бўлса керак», - деб ҳазиллашишарди.

Улар асосан назарий ва тактик машғулотлар, стандарт вазиятларга бағишланган махсус машғулотлар ўтказилмаётгани ҳамда ўйинларнинг (видеоёзувининг) жамоавий таҳлили қилинмаётгани юзасидан эътироз билдиришарди. Дарҳақиқат, Вали Султонов ва унинг ёрдамчиси Олимжон Раҳмонов ўтказилган учрашувларнинг (видеоёзувининг) жамоавий таҳлилини онда-сонда уюштиришарди, назарий ва тактик машғулотларни эса умуман ўтказишмасди. Назарий ва тактик машғулотларни ўтган йилги «Хоразм»да илк бор Баҳром Ҳакимов йўлга қўйганди, аммо у ишдан кетгач, жамоада бу ишлар яна тўхтаб қолди.

Бир гал, ҳали 2010 йилги чемпионат бошланишидан олдин, яъни қишқи йиғин пайтида Бахтиёр Ашурматов ва Даврон Файзиев ажойиб бир фикр айтишди. Улар: «Жамоага маслаҳатчи мураббий қилиб бўлса ҳам, назарий ва тактик машғулотларни ўтказадиган кучлироқ бир мураббийни ишга олиш керак. Акс ҳолда фақат техник ва жисмоний машғулотлар билан узоққа боролмаймиз», - дейишди. Аммо бу гап Вали Султоновга ёқмади ёки таъсир қилмади, шекилли, мураббий гўёки ҳеч нарса бўлмагандек юраверди.

«Хоразм» футболчиларининг жамоа мураббийлари ўтказаётган машғулотлардан нолишларини эшитавергач, бир воқеа эсимга тушиб кетди. 2009 йилги чемпионат тугагач, таниқли мутахассис Рустам Акрамов «Хоразм» бош мураббийи Вали Султоновни мураббийларни «PRO» курсларида қатнашишга ва бу соҳадаги билимларини оширишга чақирди. Аввалига В. Султонов профессорнинг таклифига розилик билдирди, ҳатто зарур хужжатларни ҳам тўғирлади. Аммо кейинчалик «PRO» курсларида қатнашишдан бош тортди. Эшитишимча, Рустам Акрамов унинг бу қилиғидан ҳафа бўлган экан.

Мен Вали Султоновдан: «Нега бундай қилдингиз? Ахир, ўқиб, яна билимларингизни оширсангиз бўларди-ку!» – деганимда урганчликларнинг бош мураббийи менга клубда ташкилий ишлар кўплигидан ўқишга вақти йўқлигини айтди. Яъни В. Султонов мураббийлик соҳасига кўпроқ эътибор қаратиб, бу соҳадаги билимларини ошириб боришдан кўра клубнинг молиявий, маъмурий ва ташкилий ишлари билан шуғулланишни афзал билган.

Клуб директорлиги ва жамоа мураббийлигини бараварига олиб бориш Вали Султоновга оғирлик қилди, шекилли, 2010 йил бошида В. Султонов клуб директори лавозимини бўшатди. Бу курсига унинг болаликдаги устози Оллаберган Матниёзов ўтирди. Аммо шундай бўлса ҳам, В. Султонов барибир клубнинг ишлари билан шуғулланишда давом этди. Ўзининг устозига ёрдам бериш мақсадида шундай қилдими ёки бошқа мақсадларда шундай қилдими, билмайман. «Аллоҳ одамларни улар ўзлари қизиққан ва интилган нарсалар билан оввора қилиб қўяди», - деб, шуни айтсалар керак.

«Хоразм» бош мураббийининг клубдаги молиявий, маъмурий ва ташкилий ишларга киришиб кетиб, ўзининг асосий вазифаси бўлмиш мураббийлик ишларига, хусусан, машғулот ўтказиш жараёнларига камроқ эътибор берганлиги кейинчалик, яъни 2010 йилги чемпионат давомида жамоа ўйинларида ва натижаларида ўз аксини топди. Эндиликда клубнинг юмушлари билан ҳар ҳолда расман бошқа одам – Оллаберган Матниёзов – шуғуллана бошлаган бўлса ҳам, бу ишларда ҳам кўплаб камчиликларга йўл қўйилди. Жумладан, ташкилий ишларда шундай бўлди...

3) ТАШКИЛИЙ МУАММОЛАР

«Хоразм» клубидаги энг расвоси чиққан ишлар айнан ташкилий ишлардир. Бу тоифа ишларни ўлда-чўлда деса ҳам, ҳеч муболаға бўлмайди. Ҳамма гап шунда-ки, бу ердаги ташкилий ишларни ким дуч келса қилиб кетаверади. Яъни бу ишлар ходимлар ўртасида мантиқсиз ва нопрофессионал тарзда бўлиб берилган. Ташкилий ишлар ким «қўлга тушиб» қолса, шунга буюрилади. Масалан, ўтган йил бошида клуб раҳбарлари «Хоразм» стадионида ишлайдиган оддий, аммо кекса ёшдаги бир ишчининг гапига кириб, стадиондаги футбол майдонига бир неча юк машинасида товуқ гўнги ва қумга айланиб бораётган унумсиз тупроқ келтириб сепишди. Натижада ортиқча миқдорда сепилган товуқ гўнги майдон чимининг аксариятини куйдириб юборган бўлса, унумусиз тупроқ табиий ўғитдан омон қолган чимларни полиэтилен плёнкаси билан қоплагандек босиб қолди.

Чим ўстириш ва парвариш қилиш ишларида тажрибаси бор кишилар келиб, «Хоразм» бош мураббийи Вали Султоновга ва стадион директори Фарҳод Матёқубовга (Вали Султоновнинг поччасига) унумсиз тупроқ тагида қолган чимлар учун очиқ ҳаво ва қуёш зарурлигини, бунинг учун эса сепилган унумсиз тупроқни ағдариб ташлаб, бутун майдонни қайтадан суғориш кераклигини бир неча бор айтишди. Аммо қайинука-почча тандеми: «Чимнинг ўзи униб чиқади. Ҳали вақт бор», -деб, ҳеч кимга қулоқ солишмади. Чим эса иккинчи давра бошига, яъни август ойига келиб ҳам унмади. Шундан кейингина В. Султонов ва Ф. Матёқубов унумсиз тупроқни ағдариб ташлаб, бутун майдонни қайтадан суғоришга мажбур бўлишди. Ва натижада «Хоразм» стадионидаги футбол майдонининг чими сентябрь ойининг ўрталарига келиб униб чиқа бошлади.

Шу вақт оралиғида эса бу майдон чимини Урганчга ўйнагани келган ҳамма жамоаларнинг мураббийлари танқид қилиб бўлишди. Мисол учун, «Бунёдкор» устози Миржалол Қосимов: «Шундай расво майдонда тўп сураётганликлари учун «Хоразм» футболчиларига тириклигида ҳайкал қўйиш керак», - деган бўлса, «Нефтчи»нинг «отаси» Юрий Саркисян: «Бу майдонда футбол ўйнаш эмас, пахта экиш керак», - деганди. «Насаф»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Виктор Кумиков эса 2010 йилдаги «Хоразм»-»Насаф» учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида «Хоразм»нинг майдони ҳақида: «Менимча, Иккинчи жаҳон уриши пайти бомбалар остида қолиб кетган футбол майдонлари ҳам «Хоразм»нинг майдоничалик шарманда бўлмаган бўлса керак. Хоразмликларнинг майдони бомба тушган далани эслатади», - деганди.

Хулласи калом, «Хоразм»нинг майдони хусусида айтилмаган гап қолмади. Аммо клуб раҳбарияти, айниқса, президенти ва вице-президенти «матонат» кўрсатиб, бундай танқидларга сукунат билан жавоб беришди. Улар майдоннинг расвосини чиқарган кишиларни жазолашмади ҳам. Буни кўриб, менда: «Бу мутасаддилар стадионга фақат: «Югур, теп, ур!» – деб бақириб, футбол томоша қилгани келишадими? Ёки бу мутасаддиларнинг Вали Султонов ва Фарҳод Матёқубов олдида тиллари қисиқмикан?», - деган саволлар пайдо бўларди. Акс ҳолда клуб президенти ва вице-президенти майдонни ҳаробага айлантирганларни жазолашмасмиди?!

«Хоразм» футбол клубидаги жазосизлик бошқа ишларда ҳам намоён бўлди. Масалан, 2010 йил 28 апрель куни Урганчда «Хоразм» футбол клубининг янги автобуси ёниб кетди. Сиз кўраётган фотосуратда ёниб кул бўлган ушбу автобус 2009 йилги мавсум арафасида 100 миллион сўмга сотиб олинган. Аммо «Хоразм» футбол клубидаги ташкилий ишларнинг ўлда-чўлдалиги туфайли катта пулга олинган ушбу автобус бир зумда кулган айланган. Эшитишимча, мазкур ёнғин автобуснинг электр тизимидаги қисқа туташув туфайли келиб чиққан. Қисқа туташувга эса электр соҳасида билимлари йўқ кишиларнинг автобусдаги магнитофонни тузатишга бўлган «ташаббуслари» ва «саъий ҳаракатлари» сабаб бўлган.

«Хоразм» клубига тегишли автобус ёниб кетиши натижасида жамоа футболчилари 2010 йилги футбол мавсумининг охиригача сафар ўйинларига ижарага автобус олиб, қатнаб юришди. Табиййи-ки, бу борада ҳам клуб бюджетига катта зиён етказилди. Аммо Хоразм вилояти мутасаддилари, хусусан, «Хоразм» футбол клубининг вице-президенти Усмон Жумагалдиев клубдаги ўзидан кейинги раҳбар-ходимларга нисбатан яна «бағрикенглик» қилишди: автобус ёнғинига олиб келган лоқайдликка йўл қўйган раҳбарларни ҳам, ходимларни ҳам жазолашмади. Қисқаси, уларнинг айбларини яна Қиёматга қолдиришди.

«Жамият ишларидаги давомий жазосизлик фитна ва фисқу-фасодларга олиб келади», - деганларидек, «Хоразм» клубидаги жазосизлик ҳам шунга ўхшаш оқибатларга олиб кела бошлади. Бу ҳол биринчи навбатда ўзи аввалдан ҳам бўшаштириб юборилган тартиб-интизомнинг тамоман издан чиқишига олиб келди. Тартиб-интизом «саҳна»сига биринчилардан бўлиб жамоа бош мураббийи Вали Султоновнинг ўзи чиқди. Аввалига у 2010 йил баҳорида Тошкентда бўлиб ўтган «Локомотив-БФК»-»Хоразм» ўйини (Ўзбекистон Кубоги доирасидаги ўйин) пайти ҳакамларни ҳақоратлаб, ЎзПФЛ томонидан жазога тортилди. Аммо Хоразм вилояти раҳбарлари ҳам, «Хоразм» футбол клуби раҳбарлари ҳам В. Султоновни яна жазосиз қолдиришди.

Бундай жазосизлик Вали оғани «руҳлантириб» ва «қанотлантириб» юборди, шекилли, кейинчалик, яъни Урганчда чемпионат баҳслари доирасида ўтказилган «Хоразм»-»Олмалиқ» учрашувидан кейин стадионга келган футбол ишқибозларини ҳақоратлади. Бу сафар ЎзПФЛ хоразмлик мураббийни молиявий жазога ҳам тортди. «Аммо, бироқ, лекин», - деганларидек, ЎзПФЛдан фарқли равишда хоразмлик «ёшулли»лар В. Султоновга нисбатан яна ҳеч қандай жазо чораларини кўришмади.

Бош мураббийнинг бундай қилиқлари ва вилоят мутасаддилари томонидан жазоланмасдан юриши «Хоразм» футболчиларига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмади. Эндиликда футболчилар ҳам интизом борасида «бош роллар»га чиқа бошлашди. Аҳвол шу даражага бориб етди-ки, баъзи футболчилар ўйинлардан олдин ва кейин ўтказиладиган муҳокамаларда Вали Султоновга гап қайтарадиган бўлиб қолишди. Аммо хоразмлик «ёшулли»лардан фарқли равишда хоразмлик мураббий ўз ҳатти-ҳаракатларига эрк бериб юборганларни дарров жазолашга киришарди. Жумладан, 2010 йилги чемпионатнинг биринчи даврасида Тошкентда бўлиб ўтган «Локомотив»-»Хоразм» учрашувидан кейин ҳимоячи Даврон Файзиев кийиниш хонасида «мураббий»га дангал гап қайтарди. Урганчга келгач, В. Султонов мажлис ўтказиб, бу ҳолатни баённомаларда қайд этиб қўйди ва Д. Файзиевни жамоадан четлатиш масаласини ўртага ташлади.

Ўлда-чўлда олиб бориладиган ташкилий ишлар билан тартиб-интизом муаммолари қоришиб, 2010 йилги «Хоразм»даги ички муҳит мана шундай ачинарли ҳолатга келиб қолди. Клубдаги ва жамоадаги бу ҳолатни ўнглаш учун ташаббускор раҳбарлар ҳам, вақт ҳам, имкон ҳам йўқ эди. Чунки бу орада молиявий муаммолар ҳам «эшик қоқа» бошлаганди.

4) МОЛИЯВИЙ МУАММОЛАР

2010 йилги мавсумда «Хоразм» жамоаси уйда ҳам, сафарда ҳам ютқазавергач, хомийлар клубга маблағ ажратмай қўйишди. Бошқача айтганда, хомийлар мағлубиятларга хомийлик қилишни исташмади. Бу ҳолатда вилоят мутасаддилари ҳам молиявий муаммоларни бартараф қилиш чораларини кўришмади. Хомийларнинг ва мутасаддиларнинг бу хатти-ҳаракатлари, яъни ютқазаётган жамоага пул ажратмай қўйиши мантиқан тўғри бўлса ҳам, маънавий ва ҳуқуқий жиҳатдан албатта нотўғри эди. Чунки чемпионат бошланишидан олдин футболчиларга маълум миқдордаги ойлик ва кўтарма пуллари ваъда қилиниб, бу нарса клуб ва футболчилар ўртасидаги шартномаларда ҳам акс этганди. Натижада ҳали кўтарма пулларини олмай юрган ёш, айниқса, маҳаллий футболчиларга жуда оғир бўлди. Мазкур тоифадаги футболчилар ўзларининг «подъёмний»ларидан умидларини уза бошлашди. Бундай вазиятда, табиий-ки, уларнинг «Хоразм» учун майдонга чиқиб югуришга қизиқишлари ҳам, ташаббуслари ҳам, рағбатлари ҳам сўниб борарди.

Ўтган йилги «Хоразм» ойлик ва кўтарма пуллар борасида, менимча, жамоа футболчиларининг нақд 90 фоизига қарздор бўлиб қолган бўлса керак. Ўзи ундан олдинги, яъни 2009 йилги мавсумда ҳам қатор футболчилар «Хоразм»дан пулларини ололмай, бу борада ЎзПФЛга шикоят қилишганди. Жорий йилда «ёзувчи» футболчиларнинг сони аввалгилардан ҳам кўпайиб кетган. Ўтган йили «Хоразм»да меҳнат қилганлар клубдан кўтарма ёки мукофот пулларини эмас, атиги ойлик маошларини сўрашмоқда. Аммо клуб раҳбарияти бечораларнинг ойликларини беришни ҳам истамаяпти. Натижада футболчилар адолат ва нажот излаб, ЎФФ ва ЎзПФЛга арз қилишга мажбур бўлишмоқда. Масалан, ўтган йилги мавсумдаги меҳнатлари учун «Хоразм»дан ойликларини ололмай ЎзПФЛдан ёрдам сўраб, шу идорага расман ариза ташлаганларнинг ичида жамоанинг собиқ бош мураббийи Баҳром Ҳакимов, футболчилар Рустам Ҳакимов, Рустам Аъзамов, Жасур Ўрунов, Омон Абдуғаниев ва бошқалар бор.

«Хоразм» футбол клуби раҳбариятининг молиявий соҳадаги тутуриқсизлиги, футболчиларга ваъда қилинган маош, мукофот ва кўтарма пулларини тўламаслиги шу даражага бориб етди-ки, сабр қозонлари тўлган баъзи футболчилар клуб устидан ҳаттоки прокуратура идораларига ҳам шикоят қилишди. Ишлар шундай «поғоналар»га кўтарилгач, «Хоразм» футбол клуби ва молиявий «fair play» деган янги масала ўртага чиқди.

«ХОРАЗМ» ФУТБОЛ КЛУБИ ВА МОЛИЯВИЙ «FAIR PLAY»

Мақоланинг ушбу бўлимида келтирилган фактларни ўқиб, сиз: «Хоразм» футбол клуби ва молиявий «fair play» бир-бирига ёт ва тескари тушунчалар экан», - деб юборишингиз мумкин. Ишонмасангиз, ўқиб кўринг...

Дарров дангалини айта қолай: «Хоразм»га футболчилар ва умуман ишчи-ходимларни чақиришда уларнинг бўлажак маош, мукофот ва кўтарма пуллари борасидаги ваъдаларни Вали Султонов беради. Ўртада шартнома имзолангач, бўлғуси жабрдийдалар, енг шимариб ишга киришишади. Аммо вақт ўтгани сари ваъда қилинган пуллардан дарак бўлмагач, футболчилар секин-аста В. Султоновнинг «ёқасидан» ола бошлашади. Аммо бундай вазиятларнинг кўпини кўрган уддабурон мураббий олдинига: «Эртага бўлади пул, индинга келади пул», - деб бироз вақт ваъда бериб юради ва вақтдан ютади. Алданганлар кейинчалик ҳам «прессинг» қилишса, В. Султонов ўзининг дипломатлик қобилиятларини ишга солиб, «стрелкани» секин клуб вице-президенти У.Жумагалдиевга ўтказиб юборади. Яъни, мураббий ўз шогирдларига: «Жумагалдиев ҳал қилади», - деб, арздорларни вилоят раҳбарияти қабулхонасига жўнатади. «Ёшулли» эса пулларини сўраб борган бечораларни яна Вали Султоновнинг олдига жўнатади.

Агар кимда-ким «Хоразм»да тўп суриш ёки ишлаш ниятида бўлса, огоҳлантириб қўяй: пулларингизни ололмай қолсангиз, Вали Султоновнинг кабинети жойлашган «Хоразм» стадиони ва У.Жумагалдиевнинг қабулхонаси жойлашган вилоят ҳокимлиги ўртасида қатнашга мажбур бўлиб қолишингиз мумкин. Шундай кунлар бошингизга тушмасин-у, лекин мабодо тушиб қолса, унутманг: «Хоразм» стадионидан вилоят ҳокимлиги биносига Урганч шаҳридаги 19-чи ва 7-чи йўналишлардаги «ISUZU» автобуслари ва айнан шу йўналишлардаги «DAMAS» йўналишли таксиларда бориб-келишингиз мумкин. Бу автобус ва таксиларда йўлкира атиги 300 ва 500 сўм туради. Ҳар ҳолда, алданиб қолган футболчилар бу транспортларда бориб келиб, оз қолган пулларини анча тежашлари мумкин.

Бу борада кенг оммани «Хоразм» футбол клубининг бошқа турдаги «финт»ларидан ҳам огоҳ қилиш лозим, деб ҳисоблайман.

«ХОРАЗМ»НИНГ МАЙДОН ТАШҚАРИСИДАГИ «ФИНТ»ЛАРИ

«Хоразм»нинг майдон ташқарисидаги «финт»лари шу қадар кўп-ки, гапни қайсисидан бошлашни билмай турибман. Келинг, «солиқ» деб аталган «финти»дан бошлай қолай.

2009 йилги мавсум тугагач, «Хоразм» футболчилари клуб раҳбарияти томонидан қўйилган вазифани, яъни ўнталикка киришни уддалашди. Энди навбат клуб раҳбариятида эди: раҳбарият футболчиларга берган ваъдаларининг устидан чиқиши керак эди. Жумладан, агар жамоа 2009 йилги футбол мавсуми якунида Олий лига жамоаларининг ўнталигига кирса, клуб футболчиларга маълум миқдорда (кўтарма пулларининг маълум миқдорида) бонус пуллари тўлаши керак эди. Бундан ташқари, аксарият футболчиларга ҳали кўтарма пуллари ҳам берилмаганди, берилса ҳам тўлиқ берилмаганди. Хулласи калом, «Хоразм-2003» футбол клуби (ўша пайт клуб расман шундай номланарди) раҳбарияти ўз ваъдасининг устидан чиқиши керак эди.

Аммо клубнинг ўша пайтдаги директори Вали Султонов ҳам, бошқа раҳбарлари негадир бу ишни пайсалга солиб юраверишди. Натижада «Хоразм» стадиони ва вилоят ҳокимлиги ўртасида қатнашдан, қолаверса, Вали Султоновнинг ўз қўл телефонини ўчириб қўйиб, «ғойиб» бўлиб қолишларидан чарчаган баъзи футболчилар, хусусан, Александр Ежов, Владимир Баранов, Маъсуд Тоиров ва бошқалар охир-оқибат ҳақларини талаб қилиб, ЎзПФЛга арз қилишга мажбур бўлишди. ЎзПФЛ «Хоразм-2003» клубини ваъда қилинган пулларни тўлашга мажбурловчи адолатли қарор чиқарди.

Бундан хабар топгач, «Хоразм-2003» футбол клуби раҳбарияти «солиқ» деб номланган «финт»ни ўйлаб топди. Клуб директори Вали Султонов ЎФФ президенти Мираброр Усмонов номига мактуб ёзиб, унда футболчиларга ваъда қилинган пулларнинг ҳаммасини эмас, таҳминан ярмини тўлашга ваъда берди. «Чунки клубимизнинг солиқ идоралари олдида 207 миллион 772 минг 323 сўмлик қарзи бор. Шу сабабдан бу футболчилардан даромад солиғи олиб қолишга мажбурмиз», - қабилидаги сўзлар ёзилганди ўша мактубда.

Натижада ЎзПФЛ бу футболчиларнинг аризалари юзасидан иккинчи марта қарор чиқариб, унда футболчиларга клуб ваъда қилган пулларнинг таҳминан ярми тўланишини маълум қилди. Аризадор футболчилар ҳам солиқ тўлашга ва олдин ваъда қилинган пулларнинг ярмини олишга кўнишди. Бироқ «Хоразм-2003»нинг директори Вали Султонов ва клубнинг бошқа раҳбарлари ўзларининг янги ваъдаларини бажаришга ҳам шошилмай, янги лафзнинг устидан чиқиш ишларини ҳам пайсалга солиб юраверишди. Бундан хуноб бўлган футболчилар яна ЎзПФЛга арз қилишди, аммо бу идора негадир «Хоразм»ни ваъдасини бажаришга мажбурлай олмади. Вахоланки, ЎФФ ва ЎзПФЛнинг 2009 йилги «Мусобақаларни ўтказиш Регламенти»да футболчилардан қарзи бор клубларга нисбатан талай жазо чоралари кўрилиши белгилаб қўйилганди.

Ўз муаммоларини ЎФФ ва ЎзПФЛ каби идораларда ҳам ҳал қила олмаган футболчилар нажот излаб, юқорироқ мақомдаги идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлишди.

Манба: www.uff.uz Сана: 03.04.2011 23:30.

xorazmiy.uz

Хоразм - Футбол - BetsAPI

1-ый Дивизион 06/11 13:30 14 Хоразм v Динамо W 3-2 1-ый Дивизион 06/03 13:00 - Хоразм v Istiklol Fergana W 2-0 1-ый Дивизион 05/18 12:37 - Surkhon Termez v Хоразм L 2-0 1-ый Дивизион 05/06 11:54 - Istiklol Fergana v Хоразм L 2-0 1-ый Дивизион 05/02 12:00 6 Xorazm FK Urganch v Mashal Muborek D 2-2 1-ый Дивизион 04/24 12:00 - FK Naryn v Хоразм D 1-1 1-ый Дивизион 04/20 12:59 - FK Andijon v Xorazm FK Urganch L 3-1 1-ый Дивизион 04/11 13:42 - Хоразм v Orol Nukus W 4-1 1-ый Дивизион 04/07 12:00 - Shurtan Guzar v Хоразм L 5-1 1-ый Дивизион 11/01 09:59 - Хоразм v Sementchi Kuvasoy L 0-2 1-ый Дивизион 10/24 11:00 - Бухара v Хоразм L 6-0 1-ый Дивизион 10/15 11:04 - Хоразм v FK Naryn W 4-1 1-ый Дивизион 10/12 11:03 - Хоразм v FK Yozavon Lochinglari D 1-1 1-ый Дивизион 10/06 11:01 - Xorazm FK Urganch v Orol Nukus W 1-0 1-ый Дивизион 09/27 11:31 - Nasaf Qarshi FK II v Xorazm FK Urganch L 3-2 1-ый Дивизион 09/17 11:34 - Хоразм v Istiklol Fergana L 1-2 1-ый Дивизион 09/14 11:30 1 Хоразм v FK Andijon L 1-2 1-ый Дивизион 09/06 11:33 - Nbu Osiyo Tashkent v Хоразм L 6-1 1-ый Дивизион 08/23 12:30 1 Хоразм v Zaamin W 2-0 1-ый Дивизион 08/10 12:30 1 Lokomotiv Bfk Tashkent v Хоразм L 3-1 1-ый Дивизион 06/27 13:30 1 Хоразм v FK Khotira-79 Uychi W 7-0 1-ый Дивизион 06/23 13:30 1 Хоразм v Lokomotiv Bfk Tashkent W 2-0 1-ый Дивизион 06/13 12:00 - Dinamo Gallakor FK v Хоразм W 2-4 1-ый Дивизион 06/07 13:00 1 Хоразм v Nbu Osiyo Tashkent D 1-1 1-ый Дивизион 05/25 13:00 1 FK Andijon v Хоразм D 2-2 1-ый Дивизион 04/26 11:00 1 FK Naryn v Хоразм D 1-1

ru.betsapi.com

Хоразм - Футбол - BetsAPI

1-ый Дивизион 06/11 13:30 14 Хоразм v Динамо W 3-2 1-ый Дивизион 06/03 13:00 - Хоразм v Istiklol Fergana W 2-0 1-ый Дивизион 05/18 12:37 - Surkhon Termez v Хоразм L 2-0 1-ый Дивизион 05/06 11:54 - Istiklol Fergana v Хоразм L 2-0 1-ый Дивизион 05/02 12:00 6 Xorazm FK Urganch v Mashal Muborek D 2-2 1-ый Дивизион 04/24 12:00 - FK Naryn v Хоразм D 1-1 1-ый Дивизион 04/20 12:59 - FK Andijon v Xorazm FK Urganch L 3-1 1-ый Дивизион 04/11 13:42 - Хоразм v Orol Nukus W 4-1 1-ый Дивизион 04/07 12:00 - Shurtan Guzar v Хоразм L 5-1 1-ый Дивизион 11/01 09:59 - Хоразм v Sementchi Kuvasoy L 0-2 1-ый Дивизион 10/24 11:00 - Бухара v Хоразм L 6-0 1-ый Дивизион 10/15 11:04 - Хоразм v FK Naryn W 4-1 1-ый Дивизион 10/12 11:03 - Хоразм v FK Yozavon Lochinglari D 1-1 1-ый Дивизион 10/06 11:01 - Xorazm FK Urganch v Orol Nukus W 1-0 1-ый Дивизион 09/27 11:31 - Nasaf Qarshi FK II v Xorazm FK Urganch L 3-2 1-ый Дивизион 09/17 11:34 - Хоразм v Istiklol Fergana L 1-2 1-ый Дивизион 09/14 11:30 1 Хоразм v FK Andijon L 1-2 1-ый Дивизион 09/06 11:33 - Nbu Osiyo Tashkent v Хоразм L 6-1 1-ый Дивизион 08/23 12:30 1 Хоразм v Zaamin W 2-0 1-ый Дивизион 08/10 12:30 1 Lokomotiv Bfk Tashkent v Хоразм L 3-1 1-ый Дивизион 06/27 13:30 1 Хоразм v FK Khotira-79 Uychi W 7-0 1-ый Дивизион 06/23 13:30 1 Хоразм v Lokomotiv Bfk Tashkent W 2-0 1-ый Дивизион 06/13 12:00 - Dinamo Gallakor FK v Хоразм W 2-4 1-ый Дивизион 06/07 13:00 1 Хоразм v Nbu Osiyo Tashkent D 1-1 1-ый Дивизион 05/25 13:00 1 FK Andijon v Хоразм D 2-2 1-ый Дивизион 04/26 11:00 1 FK Naryn v Хоразм D 1-1

ru.betsapi.com

Хоразм - Футбол - BsportsFan

1-ый Дивизион 06/11 13:30 14 Хоразм v Динамо W 3-2 1-ый Дивизион 06/03 13:00 - Хоразм v Istiklol Fergana W 2-0 1-ый Дивизион 05/18 12:37 - Surkhon Termez v Хоразм L 2-0 1-ый Дивизион 05/06 11:54 - Istiklol Fergana v Хоразм L 2-0 1-ый Дивизион 05/02 12:00 6 Xorazm FK Urganch v Mashal Muborek D 2-2 1-ый Дивизион 04/24 12:00 - FK Naryn v Хоразм D 1-1 1-ый Дивизион 04/20 12:59 - FK Andijon v Xorazm FK Urganch L 3-1 1-ый Дивизион 04/11 13:42 - Хоразм v Orol Nukus W 4-1 1-ый Дивизион 04/07 12:00 - Shurtan Guzar v Хоразм L 5-1 1-ый Дивизион 11/01 09:59 - Хоразм v Sementchi Kuvasoy L 0-2 1-ый Дивизион 10/24 11:00 - Бухара v Хоразм L 6-0 1-ый Дивизион 10/15 11:04 - Хоразм v FK Naryn W 4-1 1-ый Дивизион 10/12 11:03 - Хоразм v FK Yozavon Lochinglari D 1-1 1-ый Дивизион 10/06 11:01 - Xorazm FK Urganch v Orol Nukus W 1-0 1-ый Дивизион 09/27 11:31 - Nasaf Qarshi FK II v Xorazm FK Urganch L 3-2 1-ый Дивизион 09/17 11:34 - Хоразм v Istiklol Fergana L 1-2 1-ый Дивизион 09/14 11:30 1 Хоразм v FK Andijon L 1-2 1-ый Дивизион 09/06 11:33 - Nbu Osiyo Tashkent v Хоразм L 6-1 1-ый Дивизион 08/23 12:30 1 Хоразм v Zaamin W 2-0 1-ый Дивизион 08/10 12:30 1 Lokomotiv Bfk Tashkent v Хоразм L 3-1 1-ый Дивизион 06/27 13:30 1 Хоразм v FK Khotira-79 Uychi W 7-0 1-ый Дивизион 06/23 13:30 1 Хоразм v Lokomotiv Bfk Tashkent W 2-0 1-ый Дивизион 06/13 12:00 - Dinamo Gallakor FK v Хоразм W 2-4 1-ый Дивизион 06/07 13:00 1 Хоразм v Nbu Osiyo Tashkent D 1-1 1-ый Дивизион 05/25 13:00 1 FK Andijon v Хоразм D 2-2 1-ый Дивизион 04/26 11:00 1 FK Naryn v Хоразм D 1-1

ru.bsportsfan.com


Смотрите также